КХДР бош вазири Пак Бон Дю мамлакатда катталиги бўйича учинчи ўринда турувчи Хиннам портига назорат ташрифини амалга оширди. Бу ҳақда 3 октябрь, душанба куни «Нодон синмун» газетаси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ҳукумат раҳбари цемент ортилган юк кемаларининг кучли сув тошқинидан жабрланган Хамгён-Пукто провинциясига жўнатилишини назорат қилди.
У, шунингдек, порт маъмурияти билан мажлис ўтказди ва табиий офат ҳудудига зарур асбоб-ускуналарнинг ўз вақтида етказилиши зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатнинг асосий саноат ташкилотлари КХДР шимолида жойлашган Хамгён-Пуктодаги тиклаш ишлари учун мўлжалланган маҳсулотлар, жумладан, қурилиш материаллари, электр қурилмалари, кабеллар ва трансформаторлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда.
Қутқарувчилар жамоалари, жумладан, Корея халқ армияси аскарлари табиий офат оқибатида бошпанасиз қолганлар учун турар-жойлар барпо этиб, мўъжиза яратмоқда. Хамгён-Пуктога бошқа ҳудудлардан минглаб қурувчилар юборилган.
Изоҳ (0)