Футбол бўйича Европа Лигасида 29 сентябрь куни гуруҳ босқичининг 2-тур беллашувларига якун ясалди.
Жозе Моуриньо бошчилик қилаётган Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби турнирдаги илк ғалабасини қўлга киритди. «Олд Траффорд»да Украинанинг «Заря» клубини қабул қилган «қизил иблислар» Златан Ибраҳимовичнинг 69-дақиқадаги ягона голи эвазига муваффақият қозонди. 2-турдан кейин 3 очкоси бор «Юнайтед» 3-ўрин бўлиб турибди.
Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби бир тур аввал Исроилда иродали ғалабани қўлга киритганди, бу сафар питерликлар Голландиянинг «АЗ Алкмаар» клуби дарвозасига жавобсиз 5 та гол урди. 2-турдан кейин «Зенит» 6 очко билан яққол пешқадам бўлиб турибди.
«E» гуруҳи иштирокчиси ҳисобланган Римнинг «Рома» клуби очколари сонини 4 тага етказиб, гуруҳ пешқадамига айланди. «Астра»ни қабул қилган Лучанно Спаллети жамоаси 4:0 ҳисобида муваффақият қозонди.
«F» гуруҳидаги ҳар тўрт жамоа ҳисобида 3 тадан очко бор. «Атлетик» ўз майдонида «Рапид»ни 1:0 ҳисобида енгди, испан клубини 1-тур йирик ҳисобда мағлуб этган «Сассуоло» эса «Генк» майдонида муваффақиятсизликка учради — 1:3.
Украинанинг «Шахтёр» клуби 6 очко билан гуруҳида пешқадам. Жамоа 2-турда Португалиянинг «Брага» клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳаракат қиладиган «Краснодар» ҳам очколари сонини 6 тага етказиб олди. Марио Балотелли ҳаракат қиладиган «Ницца»ни қабул қилган «Краснодар» 5:2 ҳисобида ютди. Аҳмедов 59-дақиқага келиб бошқа футболчига алмаштирилди. Бунга қадар Балотелли 1 та гол уришга муваффақ бўлганди.
«K» гуруҳида Англиянинг «Саутгемптон» клуби 4 очко билан пешқадам, Чехияда «Спарта»дан 1:3 ҳисобида енгилган «Интер» эса сўнгги жамоага айланган.
Ва ниҳоят «L» гуруҳи етакчиси мақомида Испаниянинг «Вильярреал» клубида. Руминияда «Стяуа» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган испан клуби ҳисобида 4 очко бор.
Изоҳ (0)