Россиянинг федератив субъекти саналган Карелия республикаси Эстерло қишлоғида 8 ёшли болакай Chevrolet Lacetti автомобилини олиб қочиб, Toyota Land Cruiser Prado машинасига бориб урилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, 8 ёшли болакай кечки пайт қишлоқда сайр қилиб, маҳаллий фуқарога тегишли очиқ қолиб кетган Chevrolet Lacetti автомобилига эътибор қаратган. У машина эшигини очиб, рулга ўтирган ҳамда двигателни ишга туширган.
Ҳаракат вақтида болакай қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Toyota Land Cruiser Prado йўлтанламаси билан тўқашган ва қўрққанидан йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган жойдан қочиб кетган.
Хабарда қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида ҳар икки автомобилга зарар етган. Вояга етмаган ҳайдовчи эса енгил жароҳатлар олган. Воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ЙТҲ сабаблари ўрганилмоқда.
Болакайнинг отаси «Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни таъминлаш ва тарбиялаш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик» моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган.
Изоҳ (0)