«Пахтакор» ва «Локомотив» клублари ўртасидаги Тошкент дербисидан кейин «темирйўлчилар» устози Андрей Микляев ўз фикрларини билдиргани ҳақида «Championat.asia» маълум қилди.
«‘Пахтакор’ни ғалаба билан табриклайман, улар биринчи бўлимда яхши ўйнашди. Бизнинг эса ўйинимиз яхши чиқмади. Кетма-кет икки учрашувдан буён йигитлар кўрсатмаларни бажара олишмади», — деди Микляев. «Локомотив» бир тур аввал бўлиб ўтган Тошкент дербисида аутсайдер «Обод»ни ҳам мағлуб эта олмаганди.
«‘Пахтакор’нинг қарши ҳужумларидан қўрққандик. Машарипов ажойиб ўйин намойиш қилди. Йигитларимизда ‘Пахтакор’дан қўрқиш синдроми бордек. Уларни танимадим, биринчи бор майдонга тушгандек ҳаракат қилишди», — деб шогирдларини танқид остига олди Андрей Микляев.
Мутахассис унинг жамоаси барча жиҳатларда рақибдан мағлуб бўлганини очиқчасига тан олди. Кураш, тўпни эгаллаш ва тезликда «Пахтакор» яхшироқ кўринганини, майдон марказида рақиб устунлик қилганини қайд этди.
Тошкент дербисининг «Локомотив» стадионида бўлиб ўтган ўйинидан кейин ФИФА рефериси Равшан Эрматовни танқид остига олган «Пахтакор» бош мураббийи Григорий Колосовкский эса бу сафар ҳакамлик мавзусига тўхталмади.
Изоҳ (0)