Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида адлия бошқармаси бошлиғи ишга велосипедда бориб келмоқда. Бу ҳақда Turmush портали хабар бермоқда.
Айтилишича, охирги икки ой мобайнида бошқарма бошлиғи Урмат Ақулуев ишга велосипедда келмоқда. У хизмат машинасидан воз кечди.
Ақулуевнинг ўзи бунга бир нечта сабаб кўрсатди. Аввало, велосипедни унга акаси совға қилганини таъкидлаб ўтди.
«Акам билан суҳбат давомида велосипедда юришни исташимни айтган эдим. У хурсанд бўлиб, менга шу заҳотиёқ велосипед олиб берди. Тан оламан, бошида педаль айлантириш қийин бўлди. Лекин ҳозир бу осонлашди, ўзимни анча яхши ҳис қилмоқдаман. Уйдан ишгача 10–15 дақиқалик йўл, лекин бошқа йўналишдан юриб, ярим соат велосипедда кезаман», — деди у.
Амалдорнинг айтишича, велосипед соғлиқни яхшилайди, жумладан, юрак учун профилактика вазифасини ўтайди ҳамда ортиқча вазнни йўқ қилади. Иккинчидан эса, охирги вақтда автомобиллар сони кўпайди, бу эса экологияга зарар келтирмоқда, деб ҳисоблайди Ақулуев.
Ниҳоят, учинчи сабаб сифатида у ёқилғи тежаш масаласини келтирди.
Изоҳ (0)