Хитой охирги беш йил ичида геология разведкаси учун 568,2 миллиард юань (85,2 миллиард доллар) ажратди. Шу туфайли мамлакатда 730 дан ортиқ фойдали қазилмалар кони аниқланди. Бу ҳақда 23 сентябрь, жума куни Хитой ер ва табиий ресурслар вазири Цзян Дамин маълум қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».
Аниқланган бирламчи энергия ресурсларининг жами ҳажми 11,7 миллиард тонна шартли ёқилғи, 6,8 миллиард тонна темир рудаси, 200 миллион тонна ўнта рангли металлга етди.
Бир вақтнинг ўзида мамлакатда фойдали қазилмалар ташқи савдосининг ривожланиши кузатилди. Минерал маҳсулотлар экспорти ва импорти умумий ҳажми беш йил ичида 81 фоизга ошиб, тахминан 5 триллион долларни ташкил этди.
Цзян Даминнинг сўзларига қараганда, тоғ-кон саноати ривожи Хитой иқтисодиётида муҳим рол ўйнайди.
Расмий маълумотларга кўра, охирги беш йил ичида мамлакатда 256 та йирик ва 480 та ўрта қаттиқ фойдали қазилмалар кони, захираси 100 миллион тонна нефть ва 100 миллиард кубометр табиий газдан кам бўлмаган бир нечта нефть ва газ конлари топилган.
Изоҳ (0)