Ўзбекистонлик футбол мутахассиси Санъат Шарипов халқаро даражадаги спорт юристи дипломини қўлга киритди.
Аввалроқ унинг Швейцариядаги Цюрих университети магситратурасига халқаро спорт ҳуқуқи йўналиши бўйича киргани маълум қилинганди. Энди эса Санъат Шарипов ўқишни тамомлади.
Айни вақтда ЖАР футбол федерациясида фаолият олиб бораётган Санъат Шарипов Цюрихда ташкил этилган битирувчиларга диплом топшириш маросимида иштирок этган. «Championat.asia» сайти маросимга Гроссмюнстер черкови мезбонлик қилганини қайд этган.
Германия, Буюк Британия, Швейцария, Австрия, Италия, Туркия, АҚШ, Канада, Бразилия, ЖАР, Индонезия, Польша, Албания, Словакия, Хитой каби мамлакат вакиллари қаторида Шариповга ҳам халқаро даражадаги спорт юристи дипломи байрамона тарзда топширилди, деб ёзилди хабарда. Бу борада у биринчи ўзбекистонликка айланди.
Черковдан сўнг битирувчилар базм учун Цюрих кўлида турган пароходга чиққан. Унда ФИФА, УЕФА, ХОҚ, SAS, VADA каби ташкилот вакиллари ҳам иштирок этган.