22 сентябрь куни Хитой жанубидаги Гуандун провинциясининг Шэньчжэнь шаҳрида биринчи миллий ген банки ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда, «Хуанцю шибао» газетасига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳозирча марказ 47,5 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Бу ерда генетик маълумотлар базаси ва биологик намуналар омбори жойлашган.
Мутахассислар келажакда ген банкини кенгайтириш ва омборлар сиғимини ошириш ниятида.
«Биз Хитойдаги ва бутун дунёдаги энг йирик биомаълумотлар базасига айланишни, жонли табиатга оид маълумотларни қайта ишлаш соҳасида Google муқобилини яратишни истаймиз», — деди «Хуада» геномика институти директори Сюй Сюнь.
Ҳозирги пайтда Шэньчжэнь ген банкида 10 миллион биоматериал намуналари бор, у 60 петабайт маълумот сақлашга қодир. Бу кўрсаткични 500 петабайтга етказиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)