Қўнғирот сода заводининг иккинчи навбати ишга туширилди, деб хабар беради ЎзА. Энди корхона йилига 200 минг тонна экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди, дейилади хабарномада.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрдаги «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган лойиҳага 104,4 миллион долларлик инвестиция жалб этилди.
Иқтисодий салоҳияти янада юксалган корхонада рангли металлургия, шиша, қоғоз ва целлюлоза, ювиш воситалари ҳамда енгил саноатда кенг қўлланиладиган кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошди.
Халқаро талабларга тўла жавоб берадиган корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби бир қатор давлатларга экспорт қилинмоқда.
Ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилиши, ишдан кейин мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, фарзандларининг ўқиши учун барча шароит яратилган. Корхонанинг 1 минг 400 кишилик меҳнат жамоасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади.
Изоҳ (0)