Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган мамлакат қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов федерация президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабар беришларича, йиғилишида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарлари, мураббийлар ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар федерацияси раҳбарлари иштирок этди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Мурод Алиев маълумот бериб, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан 2013–2016 йиллар давомида Рио–2016 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш даврида камчиликларга йўл қўйилгани, мураббийлар Кенгаши фаолият юритмаганлиги, ёш иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига етарли даражада эътибор берилмаганлиги, айниқса, федерация раҳбарияти мақсадли вазифалар қўймаганлиги сабабли мана шундай қониқарсиз натижаларга эришилганлигини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўзбекистонлик қиличбозлар фақатгина учта Олимпия ўйинларида иштирок этган. 1996 йили Атлантада Рафкат Рўзиев рапира йўналишида, 2000 йил Сиднейда Аниса Петрова ва 2012 йили Лондонда Руслан Кудаевл шпага йўналишларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилганди. 2016 йилги Олимпия ўйинларига эса спортнинг ушбу туридан бирорта ҳам лицензия қўлга киритилмади.
Ўз навбатида Адҳам Икромов Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг собиқ раҳбари Собир Рўзиевнинг бой тажрибага эга эканини ҳисобга олиб, унинг номзодини маслаҳатчи, Нодира Алимова номзодини эса бош котиб лавозимига таклиф этди. Бу борадаги қарор бир овоздан қабул қилиниб, ҳар иккала мутахассис янги лавозимда фаолиятини давом эттирадиган бўлди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)