Германия ҳаваскорлар футбол лигасининг 25 ёшли дарвозабони Марко Квиотек полиция томонидан ҳибсга олинди, деб хабар берди «ISport».
Қайд этилишича, ҳибсдан беш кун олдин унинг жамоаси «ПСВ Оберхаузен» клубидан 0:43 ҳисобида енгилган ва голларнинг барчасини Марко Квиотек ўтказиб юборган.
Машғулотларнинг бирида дарвозабон ўзи қўриқлаётган дарвозанинг ёнгинасида ҳибс этилди. У полиция машинаси томон йўналаётганида «Улар шунчаки бир-икки масалага ойдинлик киритиб олишмоқчи», деб жамоадошларига мурожаат қилган.
Дарвозабоннинг ҳибсга олиниши юзасидан полиция ҳеч қандай изоҳ бермаган. Уни қўллаб-қувватлаб эса мухлислар ўша куннинг ўзида юзлаб смс хабарномалар жўнатган.
Марко ҳаракат қиладиган «Вондерорт» клуби бош мураббийи Ивон Лисенфелд жумладан шундай деди: «Биз ҳеч нарсани билмаймиз. Полицияда бизга ҳеч нарса маълум қилинмади. Олдин Марко 43 та гол ўтказиб юборди, кейин эса уни қамоққа олишди».
Жамоа директори эса Марконинг келаси ўйинга қадар машғулотга қайтишига умид билдирган.
Изоҳ (0)