Франциянинг собиқ президенти Жак Ширак хасталик туфайли шифохонага ётқизилганидан сўнг сиёсатчилар ва умуман франциялик фаол фуқаролар унга далда бўлиш мақсадида қўллаб-қувватлаш сўзларини айтмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Жумладан, мамлакатнинг амалдаги президенти Франсуа Олланд унинг тезда соғайиб кетишини тилаб қолди.
«Мен шу лаҳзада Жак Ширак ҳақида ўйламоқдаман ва у бошидан кечираётган мураккаб синовлар чоғида далда сўзларини айтмоқчиман», — деди Франция раҳбари.
2007 йилда Елисей саройида Ширакнинг ўрнини эгаллаган бошқа собиқ президент — Николя Саркози ҳам унга соғлиқ тилакларини етказди.
Бундан ташқари, турли сиёсий оқимлар намояндалари Жак Ширакни қўллаб-қувватлашини билдирди. Улар орасида ўнглар, сўллар, экологистлар ва марказ етакчилари борлиги айтилмоқда.
83 ёшли Жак Ширак 18 сентябрь куни Париждаги Питьё-Сальпетриер шифохонасига ётқизилган эди. Марокашда таътил ўтказган сиёсатчининг ўпкаси яллиғлангани аниқланди. У яна бир неча кун шифохона қолиши айтилмоқда.
Изоҳ (0)