Жорий йилнинг 12—15 сентябрь кунлари Россиянинг Москва шаҳрида Food Moscow – 2016 озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон компания ва корхоналари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди, деб хабар берди ЎзА.
World Food Moscow халқаро кўргазмасида АҚШ, Хитой, Миср, Саудия Арабистони, Бразилия, Аргентина, Нидерландия, Италия, Испания, Ҳиндистон, Арманистон, Эрон каби дунёнинг етмишга яқин мамлакатидан юзлаб фирма ва компаниялар иштирок этди. Мазкур форумда озиқ-овқат маҳсулотлари, уларни етиштириш ва қайта ишлашга оид энг сўнгги ютуқлар намойиш этилди. Мева ва сабзавотлар, гўшт, сут, денгиз, қандолат ва нон маҳсулотлари, техника ва технологиялар каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг озиқ-овқат соҳасида иш юритувчи Euro Food Trade, Tasty Production, Green Agro Invest, Samo-Produkt, «Меҳригиё», «Ливадия-Бухоро» каби ўнга яқин хусусий компанияси ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди. Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишди.
Халқаро кўргазмада Ўзбекистон компаниялари турли мамлакатларнинг фирма ва компаниялари билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Тадбиркорлар томонидан жами икки миллион доллардан зиёд экспорт шартномалари имзоланди.
Изоҳ (0)