Рио–2016 Паралимпия ўйинларининг еттинчи кунида енгил атлетика баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бир қатор медалларга сазовор бўлди.
«Оламспорт» нашрининг маълум қилишича, аёллар ўртасидаги енгил атлетика мусобақасининг ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик Сафия Бурхонова жаҳон рекордини янгилаш эвазига кумуш медални қўлга киритди. Бурхонова улоқтирган снаряд 15,05 метр масофага бориб тушди. Италиялик енгил атлетикачи Ассунта Легнанте 15,74 метр натижа билан олтин медаль соҳибасига айланди. Шунингдек, у Паралимпия ўйинлари рекордини ҳам янгилади. Бронза медаль мексикалик Ребека Альварезга насиб этди.
Эркаклар ўртасидаги енгил атлетиканинг ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Ҳусниддин Норбеков 15,17 метр масофага бориб тушди. Бу билан Норбеков ўзининг шахсий рекордини ҳам янгилади. Ядро улоқтириш мусобақасида литвалик Миндаугас Билиус 16,80 метр натижа билан Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлди. Хитойлик спортчи Донг Хиа 16,06 натижа билан кумуш медаль билан тақдирланди.
Аввалроқ Паралимпия очилиш маросимида Ўзбекистон байроқдори бўлган Норбеков диск улоқтириш баҳсларида жаҳон рекордини янгилаб, Рио–2016 Паралимия чемпиони бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)