Буркина-Фасо, Сурия ва Қатар терма жамоалари устидан қозонилган ғалаба футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини ФИФА рейтингида 49-ўринга олиб чиқди.
Бу борада Самвел Бабаян бошчилик қилаётган жамоа Япониядан илгарилаб кетди. Қайд этиш керак, кунчиқар юрт терма жамоаси ЖЧ—2018 3-саралаш босқичини БААга қарши мағлубият билан бошлаганди.
Ўзбекистоннинг натижаси Осиё қитъаси термалари орасида тўртинчидир. Эрон 37, Австралия 45, Жанубий Корея эса 47-поғонадан жой олган. Ўзбекистон терма жамоаси икки ўрин юқорида бораётган Жанубий Кореядан 13 очко камроғ жамғарган.
«Championat.asia» нашри маълумотига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 2006 йилда ФИФА рейтингида 45-ўринга қадар кўтарилган бўлиб, бу ҳозирга қадар энг яхши натижа бўлиб турибди.
Янги рейтингни Аргентина терма жамоаси бошқариб турибди. Кучли учликни Германия ва Бельгия термалари якунлаган бўлса, ўнталикдан Колумбия, Бразилия, Чили, Португалия, Франция, Уругвай ва Уэльс жой олган.
Изоҳ (0)