Риода бўлиб ўтаётган XV ёзги Паралимпиада ўйинларининг учинчи куни ўз якунига етди. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилардан 8 нафари шоҳсупага чиқишга муваффақ бўлди.
100 килограммдан зиёдроқ дзюдочилар ўртасидаги беллашувларда иштирок этган Одил Туледибаев Ўзбекистон делегацияси учун тўртинчи олтин медални тақдим этиб берди. Финалда у бразилиялик спортчини 2-сониядаёқ иппон баҳоси билан мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Паралимпиаданинг дастлабки икки кунида 2 та кумуш медалга эга чиққан Ўзбекистон делегацияси, учинчи кунда яна 2 та кумушни нақд қилди. 70 килограммдан зиёдроқ аёллар ўртасидаги дзюдо мусобақасида Хайитжон Алимова кумуш медални қўлга киритди. Финалда у хитойлик рақибасига имкониятни бой бериб қўйди.
200 метрга комплекс усулида сузиш турнирида Фотима Амилова ҳам иккинчи натижа қайд этиб, Риодаги иштирокини кумуш билан бошлади.
10 сентябрь куни қўлга киритилган 5 та бронзадан 3 таси дзюдочиларга тегишли бўлди. 70 килограммгача бўлган қизлар ўртасидаги турнирда Гулруҳ Раҳимова, 90 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида Шуҳрат Бобоев ва 100 килограммгача бўлган дзюдочилар курашида Ширин Шарипов учинчи натижа кўрсатди.
Шунингдек, 200 метрга комплекс усулида сузишда Шоҳсанам Тошпўлатова ҳамда узунликка сакрашда Дониёр Солиев 1 тадан бронза медалига эга чиқди.
Изоҳ (0)