8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қабул қилинган қарорга мутахассислар фикр билдиришда давом этмоқда. ЎзА сиёсатшунос К. Жавакованинг бу борадаги фикрларини тақдим этди.
Мамлакатимизда чорак асрдан буён ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланмоқда. Мамлактимизнинг эркин ва фаровон келажагини белгилаб берган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустаҳкам ҳуқуқий пойдевордир. Демократик жараёнлар эса ҳар бир фуқаро, профессионал дахлдорлиги, жинси, миллати ва бошқалардан қатъий назар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларига, шу жумладан, танлаш ҳуқуқига эгалигини назарда тутади. Танлаш ҳуқуқи жаҳон ҳамжамияти тан олган халқаро ҳуқуқий меъёрлар билан мустаҳкамлаб қўйилган.
2016 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўшма мажлисида Сенат Раиси етарли тажриба ва кўникмалари йўқлиги боис умум эътироф этилган танлаш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-моддасида кўзда тутилган Президент вазифаларини ва ваколатларини вақтинча бажаришдан бош тортди. Мавжуд қонунчиликда мансабдан воз кечиш учун тақиқловчи меъёр кўзда тутилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, хусусан, 81-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис иккала палатасининг қўшма мажлислари ўз ваколатлари доирасида ҳар қандай қарорлар қабул қилиши мумкин. Шундай экан, Сенат Раиси Президент вазифасини бажаришдан воз кечгани муносабати билан Олий Мажлис палаталарининг қарори билан Президент вазифасини вақтинча бажариш мамлакат Бош вазири зиммасига юкланди. Бу қарор Конституция ҳамда мамлакатнинг бошқа қонунчилик актларига мос келади. Олий Мажлис олий вакиллик органи ҳисобланади, у Конституциянинг 10-моддасига мувофиқ халқ номидан чиқиш ҳуқуқига эга.
Олий Мажлис қарори халқ иродасини ифодалаб, ҳурматга ва ижрога муносибдир. Шундай экан, бу масала бўйича нохолис ва спекулятив талқинлар қонундан ташқаридир. Мазкур қарор Ўзбекистон халқи манфаатларига мос келади, ҳокимият изчиллигини, тинчликни, барқарорликни ва мамлакатдаги хотиржамликни таъминлайди ҳамда умумхалқ Президентлик сайловларининг ўтказилиши кафолатига айланади.
Изоҳ (0)