Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Олий Лига иштирокчиси «Шўртан»дан 3 очко олиб ташлаб, буни 2011 йилдан буён жамоанинг сербиялик Урош Милославлевичдан қарзи бор экани билан изоҳлаганди.
«Шўртан» клуби ижрочи директори Шоди Намозов мазкур ҳолат юзасидан «Футбол экспресс» газетасига интервью бергани «Championat.asia» томонидан маълум қилинди. Намозов 2011 йил Ғузор клуби сафида Урош Милославлевич ҳаракат қилганини тасдиқлаб, ҳисоб-китоб бобида англашилмовчилик бўлганини қайд этган.
«Футболчи билан ҳисоб-китоб охиригача қилинмаган экан. Бунда англашилмовчилик бўлган. Клуб футболчидан қарзи йўқлигини айтган бўлса-да, Урошнинг Зоран исмли агенти ФИФАга шикоят билан чиқиш қилган. Биз футболчининг қарзини тўлаш борасида иш олиб бормоқдамиз. Тўлов миқдори кўпроқ», — деб таъкидлаган Намозов, ўша миқдорнинг қанча эканига ойдинлик киритмаган.
«Бўлиб ўтган ишлардан ўзимиз учун хулоса чиқардик. Бундан буён футболчилар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинади. 2015 йил якунига кўра ўзимизнинг футболчилардан ҳам қарздорлигимиз бор эди. Ҳозирга келиб бунинг 80—90 фоизи тўлаб берилди. Тез кунда барча қарзлардан қутуламиз», — деб фикрига якун ясаган клуб ижрочи директори.
Изоҳ (0)