Озарбайжон Рио–2016 Паралимпиадасидан четлатилган россиялик спортчиларнинг учта лицензиясини олишдан расман бош тортди, деб хабар бермоқда «Sports.ru».
«Халқаро паралимпия қўмитасининг ушбу қарорини бошидан номақбул деб ҳисобладик ва лицензияларни қабул қилмадик. Паралимпия ўйинларида фақатгина мамлакатимиз спортчилари томонидан қўлга киритилган лицензиялар билан иштирок этамиз», – деди Озарбайжон Ёшлар ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Самая Мамедова.
Аввалроқ Россия терма жамоасининг Паралимпия ўйинларидан четлаштирилиши натижасида австралиялик паралимпиячиларга қўшимча 9 та лицензия берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Спорт арбитраж суди (CAS) Россия паралимпия термасига 7–18 сентябрь кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун Халқаро паралимпия қўмитасининг россияликларга нисбатан қўллаган қарорига апелляциясини қониқтирмаган эди.
Изоҳ (0)