Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг биринчи ўринбосари, Афғонистон Миллий исломий ҳаракати партияси раиси ва Афғонистон туркий миллатлар раҳбари, генерал Абдурашид Дўстум Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бевақт вафот этгани муносабати билан таъзия изҳор этди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги маълум қилди.
«Дўст ва биродар Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларининг вафоти ҳақида қайғули хабардан воқиф бўлдим. Ушбу мактубим орқали Ўзбекистон ҳукуматига, Ўзбекистон Президентининг оила аъзоларига ҳамда дўст ва биродар ўзбек халқига ўзимнинг чуқур таъзиямни билдирар эканман, Аллоҳ Таолодан марҳумнинг жойларини жаннатдан ато этишини, унинг оила аъзоларига ва бутун ўзбек халқига сабр-бардош беришини сўрайман.
Шубҳа йўқки, Ислом Каримов минтақа ва жаҳоннинг нуфузли сиймоларидан бири бўлиб, узоқ йиллар давомида ўз мамлакатининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳамда ҳар томонлама тараққий топишига улкан ҳисса қўшди.
У минтақада юзага келган ўта мураккаб вазиятларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутди, турли қийинчиликларга рўбарў бўлаётган Афғонистон халқининг энг яқин дўсти бўлиб қолди.
Мен Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотини Ўзбекистон халқи ва минтақанинг барча давлатлари учун катта йўқотиш, деб биламан. У киши орамизда бўлмаса-да, хотираси қалбимизда абадий сақланади.
Ислом Каримов Афғонистон оғир вазиятга тушганда, мамлакатда юзага келган уруш барчамизнинг тинч ҳаётимизга таҳдид солган пайтда доимо Афғонистон халқи билан ёнма-ён турди.
Умидворманки, бундан кейин ҳам дўст ва биродар Ўзбекистон халқи Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган ва келажак авлодларга мерос қолдирилган аниқ йўлда зийраклик ва жасорат билан ҳаракатланади ҳамда ўз мамлакатининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлайди», — дейди генерал Абдурашид Дўстум.
Изоҳ (0)