Футбол бўйича ЖЧ—2018 саралаш босқичи доирасидаги Украина — Косово ўйини расмий Киев Косовони тан олмагани учун нейтрал майдонда ўтказилади.
Украина Футбол Федерацияси президенти Андрей Павелко августнинг сўнгги ўн кунлигида бу хабарни тасдиқлаганди. Айни вақтда Украина Футбол Федерацияси мамлакат Ташқи Ишлар Вазирлиги билан келишган ҳолда, Болгария ёки Туркия вариантларини ўрганиб чиқмоқда.
Бир қатор нашрлар Украина Болгария вариантида тўхталгани ҳақида хабар тарқатганига қарамай, УЕФА расмий сайтидаги ўйин қайдномасида беллашув ўтадиган шаҳар номи кўрсатилмаган. Маълумот учун, Украина ва Косово терма жамоалари ўртасидаги учрашув 9 октябрь куни бўлиб ўтади.
УЕФА июнь ойидаги қарори билан Косово терма жамоасини ЖЧ—2018 саралаш мусобақасига қўшганди. 5 сентябрь куни Косово саралаш турнирини Финляндияга қарши сафар ўйини билан бошлайди.
Изоҳ (0)