Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида (Чжецзян провинцияси маъмурий маркази) икки миллионга яқин аҳоли G20 саммити ўтказилиши давомида мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ташриф буюриш, шунингдек, чет эл сафарларини амалга оширишни маъқул кўрди. Бу ҳақда Хитойнинг энг йирик сайёҳлик оператори — Ctrip компанияси эълон қилган ҳисоботда маълум қилинган, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Сайёҳларнинг 67 фоизга яқини ички сайёҳлик йўналишларини танлаган. Шаҳар яқинида жойлашган ҳудудлар кўпроқ оммалашган. Энг кўп ташриф буюриладиган сайёҳлик жойлари ўнлигидан Санья, Куньмин, Сямэнь, Лицзян, Гуйян, Чанша ва Гуйлинь шаҳарлари, шунингдек, Хуаншань, Цзючжайгоу ва Чанбайшань тоғлари жой олди.
Тўққиз миллион аҳолига эга Ханчжоу расмийлари мамлакатда G20 саммити ўтказилиши даврида бир қатор чекловларни жорий қилди. Шаҳарнинг бир қатор туманларига фақат у ернинг аҳолиси ва компания ходимлари шахсни тасдиқловчи махсус гувоҳномани кўрсатиб ва хавфсизлик текширувидан ўтгачгина кириши мумкин.
Изоҳ (0)