Қозоғистон терма жамоаси мундиалдаги илк ўйинини Аргентина терма жамоасига қарши ўтказади. 16 йил муқаддам мундиалдаги дебютини Бразилиядан 12 та гол ўтказиш билан бошлаган жамоа бугун бутунлай янги қиёфа касб этган.
Аргентина бироз масалаку-я, аммо Коста-Рика ҳамда Соломон оролларига қарши ўйинларда қозоғистонликларни фаворит сифатида кўриш мумкин.
Колумбияга йўл
Қозоғистон терма жамоаси Жаҳон Чемпионати чиптасини муносиб тарзда қўлга киритди дейиш ўринли. Саралашнинг 5-гуруҳидан жой олган қўшниларимиз илк ўйинда Чехиядан устун келишди — 3:1. Бу эса жамоанинг ўзига бўлган ишончини оширди. Словенияга қарши 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. 3-турда эса франциялик футзалчилар таслим қилинди — 4:2.Гуруҳнинг 1-ўринда якунланиши Қозоғистон учун айни муддао бўлди. УЕФА регламентига кўра, 7 та гуруҳ етакчилари қуръа ёрдамида иккинчиларга қарши плей-офф ўйинида иштирок этди. Масалан, Қозоғистон жой олган гуруҳни 2-ўринда якунлаган Словения плей-оффда икки карра жаҳон чемпиони Испанияга рўбаро келиб қолди ва мундиалдан умидини узди.
Умуман олганда, плей-оффда ҳеч қандай сенсация қайд этилмади. Гуруҳларни 1-ўринда якунлаган термаларнинг ҳаммаси зафар қучди, жумладан, Қозоғистон ҳам. Польшага қарши биринчи ўйинда 1:1 ҳисобини қайд этган жамоа, такрорийсида 7:0 ҳисобида зафар қучди. Бу эса Жаҳон Чемпионати йўлланмаси дегани эди.
Жамоа ҳақида
Игуита каби ажойиб дарвозабони бор бўлса-да, Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи ҳар доим ҳужумкор ўйин услуби ғояларини илгари суриб келди. Бу қарор Польшага қарши ҳал қилувчи ўйинда ўзини тўла оқлаганди.Колумбия—2016 ни инобатга олмаганда, Қозоғистон терма жамоаси футзалчиларининг жаҳон аренасида тажрибаси йўқ. Бунда Гватемала мундиалида тўп сурган авлод эмас, айнан бугунги кун футзалчилари назарда тутилди. Улар мамлакатнинг икки асосий клуби — «Қайрат» ва «Астана-Тулпор» сафида пишиб етилганди. «Қайрат»нинг 2014/15 йилги мавсумда УЕФА Кубогини қўлга киритишида ҳам мана шу футзалчилар асосий ролни ўйнаганди.
2016 йилда Қозоғистон терма жамоаси Европа Чемпионатида дебютини ўтказди ва мусобақани бронза медали билан якунлади. Кўҳна қитъанинг икки асосий етакчиси — Испания ва Италиядан кейинги ўринда қайд этилиш Қозоғистондек янги жамоа учун чакки натижа эмасди.
Мундиаллар тарихи
2000 йилги Жаҳон Чемпионати Қозоғистон учун ҳозирга қадар ягона иштирок бўлиб келаётганди. Илк мундиалнинг қуръа ташлаш маросимиёқ жамоа учун омадсиз келди. Бразилия ва Португалия билан бир гуруҳдан жой олиши камлик қилгандек, минглаб мухлислар қўллаётган мезбон Гватемалага қарши ҳам ўйнаш азобнинг ўзгинаси эди.Якунда ҳам шундай бўлиб чиқди. Жаҳон Чемпионатидаги биринчи ўйинида Қозоғистон Бразилиядан енгилиб қўя қолди — 1:12. 2-турда эса гватемалалик футзалчилар 6:5 ҳисобида устун келди. Португалияга қарши ўйинда ҳам имконият бой берилди — 2:6. Ўша мундиалдан қолган ягона ёрқин хотира қозоғистонлик Талгат Баймуратовнинг мундиаллар тарихидаги 900-голни ургани эди.
Ҳозир эса вазият бошқа. Қозоғистон терма жамоаси анчагина кучайган. Европанинг учинчи жамоаси бўлишдек бахтга мушарраф бўлган қозоқлар, Колумбияда ҳам бир нималарни исботлашга тайёр туришибди.
Изоҳ (0)