Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 5–21 август кунлари бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Россия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган 4 нафар чеченистонлик спортчи, шунингдек, Россия оғир атлетика термасининг дисквалификацияси туфайли Риога бора олмаган икки оғир атлетикачига Mercedes йўлтанламаслари совға қилинди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи Рамзан Қодиров Instagram’даги саҳифасида эълон қилди, деб хабар бермоқда «РБК».
Йўлтанламаслар спортчиларга Ахмад Ҳожи Қодиров номидаги ҳудудий жамоат фонди номидан топширилди. Олимпиячиларга автомобиль калитларини Рамзан Қодировнинг ўзи шахсан топширди.
Олимпиячиларни шарафлаш маросими Грозний шаҳридаги «Сафия» саройида бўлиб ўтди. Рио–2016 Олимпиадасида Чеченистондан Россия шарафини боксчи Адлан Абдурашидов, эркин ва юнон-рум курашчилари – Ислам-Бек Албиев, Анзор Болтукаев, Ислам Магомедов ҳимоя қилганди. Россия термасининг дисквалификацияси туфайли оғир атлетикачилар Апти Аухадов ва Адам Малигов Риода иштирок эта олмаган.
«Бизнинг йигитлар Олимпиадага кучли тайёргарлик кўрди, аммо улар шоҳсупага чиқа олмади. Шундай бўлса-да, улар биз учун ғолиб!», – дея ёзди Қодиров.
Юқорида таъкидланган 6 нафар спортчи, шунингдек, «Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун» медали билан ҳам тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, россиялик Рио–2016 совриндорларининг ҳар бирига BMW русумидаги автомобиль ҳадя қилинганди.
Изоҳ (0)