Футбол бўйича Англия терма жамоаси сардори Уэйн Руни Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ–2018 турниридан сўнг мамлакат термасидаги фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
«Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати Англия термаси билан муваффақиятга эришиш учун сўнгги имконият бўлади. Умид қиламанки, мамлакат термасидаги иштирокимни юқори даражада якунлайман. Бу халқаро майдондаги фаолиятимни якунлаш учун тўғри вақт бўлади. Мен термадаги ўйинлардан завқланиб келдим, аммо Россиядаги мундиал терма жамоамдаги сўнгги иштироким бўлади», – деди Руни.
Уэйн Руни 2003 йилнинг 12 февраль куни Австралияга қарши ўйинда майдонга чиқиб, Англия термасида дебютини ўтказган энг ёш футболчига айланганди. Ўшанда у 17 ёш ва 111 кунга тўлган эди. Ўша йилнинг 6 сентябрида эса ҳужумчи Македонияга қарши ўйинда гол киритиб, Англия терма жамоаси тарихида гол киритган энг ёш футболчи бўлди.
Уэйн Руни Англия термаси сафида 3 та Европа ва 3 та Жаҳон чемпионатида иштирок этган. Мамлакат термасининг 115 та ўйинида майдонга тушган ҳужумчи 53 та гол киритишга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)