Кеча — 30 август куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўзаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва унда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучди.
«Championat.asia» сайтининг маълум қилишича, Қозоғистон матбуоти бу натижани шармандали деб атаган.
Ҳар икки терма иштирокидаги учрашувни туркманистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб борди. Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2003 йилдан буён Тошкентда ўтказадиган ўртоқлик ўйинларида фақатгина ўзбекистонлик ҳакамлар ишлайди.
Қозоғистон терма жамоаси Россия—2018 учун курашни 4 сентябрь куни Польшага қарши ўйин билан бошлайди. Гуруҳда, шунингдек, Руминия, Дания, Черногория, Арманистон терма жамоалари бор.
Жаҳон Чемпионати йўлланмаси учун Осиё қитъасида кураш олиб борган Қирғизистоннинг эса Россия мундиалида иштирок этмаслиги аниқ бўлиб улгурган. Терма жамоа Австралия, Иордания, Тожикистон ва Бангладеш мамлакатлари жой олган гуруҳни 3-ўринда якунлаганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йилнинг 2 июнь куни Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши керак эди. Бироқ Ўзбекистон томони учрашувни ўтказишни истамаганди.
Ўртоқлик учрашуви Бишкек, Қирғизистон 30 август, сешанба
Қирғизистон — Қозоғистон 2:0
Голлар: Кичин, 44 (1:0). Мурзаев, 80 (2:0).Қирғизистон: Кашуба, Кичин, Тего, Майер, Бойматов, Шамшиев (Сидоренко 63), Мурзаев (Алимов 89), Исроилов (Абдураҳмонов 87), Дуйшобеков (Сиддиқов 73), Люкс (Жиргалбек ўғли 76), Бернхардт (Мусабеков 85).
Қозоғистон: Лория (Покатилов 46), Аҳметов, Бейсебеков, Хижниченко (Молдакараев 46), Байжанов (Муртазаев 76), Малий, Суюмбаев (Шомко 66), Исломхон (Нургалиев 46), Куат, Смаков (Тагыберген 60), Дмитренко (Кислицин 57).
Изоҳ (0)