Ўзбекистон ўта таҳликали вазиятларда ҳам ўз танлаган йўлидан — мустақиллик йўлидан қайтмади. Бу ҳақда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида айтилди. Табрик матнини ЎзА тақдим этди.
«Барчамизга аёнки, мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас. Бу ҳақиқатни чуқур англайдиган халқимиз шу курашда фидойилик кўрсатган, қурбон бўлган ота-боболаримизнинг хотирасини қалбида абадий сақлайди», — таъкидлади Ислом Каримов.
«Айни шу кунларда ўзини оқламаган эски тузумдан янги тизимга ўтиш даврини эслар эканмиз, бошимиздан кечирган машаққатли кунлар ва оғир синовлар беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади, — сўзида давом этди давлат раҳбари. — Айниқса, собиқ тузум асоратлари туфайли республикамизда аҳвол нақадар хатарли тус олганини, аввало таъминот масаласи бутунлай издан чиқиб, халқимизни боқиш учун бор-йўғи бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун захираси қолгани, тартиб-интизом бўшашиб, турли қўпорувчи ва ғаламис кучлар бош кўтариб, юртимиз деярли жар ёқасига келиб қолгани мисолида тасаввур қилиш қийин эмас.
Ана шундай ўта таҳликали вазиятда ҳам биз ўз танлаган йўлимиздан — мустақиллик йўлидан қайтмадик. Чунки биз яхши тушунардик — ҳаёт-мамотимиз ҳал бўлаётган айни шундай дамларда қийинчилик ва тўсиқлар олдида бўш келиш — бу ҳозирги ва келажак авлодлар олдида хиёнат қилиш билан баробар бўлур эди».
Изоҳ (0)