Ўтган 25 йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 баробар ўсди, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари эса охирги 11 йил давомида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Бу ҳақда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида айтилди. Табрик матнини ЎзА тақдим этди.
«Тарихан қисқа даврда Ўзбекистон илгариги ўзини боқишга, ўзини ҳимоя қилишга қурби етмаган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ республикадан бугунги кунда тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаган, қудратли давлатга айланиб бормоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз», — таъкидлади Ислом Каримов.
«Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар ўсди, унинг таркибида саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга етди, жаҳон миқёсидаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида камдан-кам давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Айтиш керак, 2016 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилда ҳам ўсиш суръатларимиз бундан паст бўлмайди», — қўшимча қилди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)