Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Шамс-Хива» меҳмонхонаси Хива шаҳрида барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати хабар берди.
Меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими жорий йилнинг 26 август куни бўлиб ўтди. Унда меҳнат фахрийлари, касаба уюшма фаоллари, қурувчилар, ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Хоразм вилоятида 2012 йилга нисбатан сайёҳлик ташкилотлари сони 36 тадан 59 тага, шундан меҳмонхоналар сони 26 тадан 42 тага, сайёҳлик фирма ва агентликлари сони ўнтадан 17 тага етди. Туризмни ривожлантиришда Касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
30 ўринга мўлжалланган замонавий, жаҳон андозалари талаблари асосида қад ростлаган мазкур меҳмонхонада мижозлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. Хусусан, шаҳар ва шаҳарлараро сўзлашув, интернет алоқаси ўрнатилган. Меҳмонхонада 4 та люкс, 12 та ярим люкс хона, 30 ўринли ошхона мавжуд бўлиб, улар бугунги кун талаблари асосида замонавий жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланган ва барча шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, меҳмонхонага келадиган сайёҳлар, дам олувчиларнинг автотранспорт воситалари учун автотураржой ташкил этилган.
Яна бир аҳамиятли жиҳати ишга туширилган «Шамс-Хива» меҳмонхонасида 16 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий ёшлар бандлиги таъминланди.
Изоҳ (0)