Хитойлик эркак интернет-провайдернинг жиҳозларини ишдан чиқараётган пайтда полиция томонидан қўлга олинди. У ўзи рақс тушган видео ва фотосуратлар тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида интернетни ишдан чиқаришга қарор қилди, деб хабар беради TJournal.
Воқеа Шаньдун провинциясида содир бўлди. Лю исмли эркак катта майдонда ўтган оммавий рақсларда иштирок этган эди. Тадбир пайтида у ўткинчилар уни суратга олаётганини пайқади.
Кейинроқ Лю рақслари акс этган фото ва видео тармоқда тарқалишидан чўчий бошлади. Тармоқда уни масхара қилишларидан қўрққан эркак бутун интернетни йўқ қилиш қарорига келди.
Июнь ойининг охирида у оптик толали алоқа симларини йўқ қила бошлади. Унинг хатти-ҳаракатларидан келган зарар 15 минг долларни ташкил этди.
Бу каби ҳолатлар кўпайганидан сўнг полиция интернет-провайдерлар линиялари ўтган ҳудудларда назоратни кучайтирди. 19 август куни Лю қўлга олинди.
Люнинг хавотири ўринсиз бўлиб чиқди. Унинг фото ва видеолари интернетда пайдо бўлмади.
Изоҳ (0)