22—24 август кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Ёш мутахассислар» IV Республика Форуми ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони мутасаддилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида меҳнат қилиб, ўз инновацион ғоя ва ишланмаларини илгари суриб келаётган энг фаол ва ташаббускор ёш мутахассислар иштирок этди.
Бу йилги Форум аввалги йиллардагидан ўз кўлами билан кескин фарқ қилди. Форум доирасида 3 босқичда «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ўтказилиб, унинг қуйи босқичларида 14 та энг муҳим йўналиш бўйича 6 минг нафарга яқин ёш мутахассис қатнашди. Танловнинг Республика-тармоқ босқичида эса 180 нафар ёш мутахассис иштирок этди.
Танловнинг барча номинациялари ёш мутахассисларнинг қизғин беллашуви остида ўтди. Масалан, «Максам-Чирчиқ» АЖ катализатор ишлаб чиқариш цехи технологи Арсен Алиев тақдим этган лойиҳага кўра, Россиядан келтирилаётган металл катанка хом ашёси ўрнига «Ўзкимёсаноат» корхоналарида аммиакни синтез қилиш технологиясида ишлатилаётган СА-СВ катализатори чиқиндисидан фойдаланиш таклиф этилган. Мазкур лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали ишлаб чиқаришда зарур бўлган махсус катализатор олишда катта фойда олиниши кутилмоқда. Яъни, лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда Россиядан келтирилаётган хом ашё нархига солиштирилганда, тахминан 3,0 миллион сўм тежалиб, йилига 250 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда 750 миллион фойда олинади.
Мазкур Форум ва унинг доирасида ўтказилган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» ҳамда «Энг яхши ишчи касб эгаси» танловларида мамлакатда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассисларнинг янги инновацион ғоя ва ишланмалари ҳамда илмий кашфиётлари муносиб рағбатлантирилиб, амалиётга татбиқ этилишига кўмаклашилди.
Форумнинг 2-куни иштирокчилар ёш мутахассислар фаолиятига оид кўргазма билан танишди.
Изоҳ (0)