Қашқадарёда Талимаржон иссиқлик электр станциясининг қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
2004 йил охирида Талимаржон ИЭСда қуввати 800 МВт ли энергоблокнинг ишга туширилиши мамлакат энергетика тизимида мустақиллик йилларида амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан бири бўлди.
Давлат раҳбарининг 2010 йил 14 июлдаги «Талимаржон ИЭСни ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси қуриш билан кенгайтириш инвестицион лойиҳани амалга оширишдаги бирламчи чора тадбирлари тўғрисида"ги ва 2013 йил 7 мартдаги қарорлари асосида 2016 йил август ойида биринчи, декабрь ойида иккинчи энергоблокларни ишга тушириш белгиланган. Бош пудратчи Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering and Construction компанияси томонидан шу кунга қадар 313,92 миллион долларлик технологик жиҳозлар етказиб берилди. 1-БГКнинг монтаж-созлаш ва мослаштириш ишлари ниҳоясига етди ва электр энергиясини тизимга узатишни бошлади.
Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда, «ПГУ-Тўпаланг» шуъба корхонасининг малакали мутахассислари билан бирга, Япония, Жанубий Корея, Франция каби ривожланган давлатлардан 500 га яқин ишчи-мутахассис иштирок этмоқда.
Талимаржон ИЭСда икки энергоблокнинг ишга туширилиши натижасида йилига қўшимча 7,2 миллиард киловат/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Изоҳ (0)