Канадалик сузувчи, 1992 йилги Олимпиада чемпиони Марк Тьюксбери лангарчўп билан сакраш бўйича икки карра Олимпиада ғолиби россиялик Елена Исинбаевани допинг қабул қилишда айблади. Бу ҳақда Марк Исинбаеванинг Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) спортчилари комиссияси аъзоси этиб сайланганидан сўнг айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Спорт-Экспресс».
– Допинг қабул қилган Исинбаева ХОҚ спортчилари комиссияси аъзоси этиб сайланди? Томас Бах (ХОҚ президенти – «Дарё» изоҳи), спортчилар олимпия ўйинлари юраги эканини айтганди. У [Исинбаева] спортчими? Ростанми? – дея ёзди Марк Тьюксбери Twitter’даги саҳифасига. – Дунё спорти раҳбарларининг ҳолати ҳақида хавотир ҳиссини билдирмоқчиман. Чунки, допинг қабул қилган спортчилар ХОҚ комиссияси аъзосига айланмоқда. Шундан сўнг қандай қилиб спортни тозалашимиз мумкин? Бу ерда эҳтимол сохталаштириш бўлгандир.
Қайд этиш жоиз, ХОҚ комиссияси аъзосига айланиш мезонларидан бири – номзод ҳеч қандай допинг тарихига эга бўлиши керак эмас. Фаолияти давомида бирор марта ҳам допинг қабул қилганликда гумон қилинмаган Елена Исинбаева Россия енгил атлетика термасининг Рио–2016 четлатилиши туфайли (Дарья Клишинадан ташқари – узунликка сакраш) ушбу Олимпиадада иштирок эта олмаганди.
Изоҳ (0)