Лангарчўп билан сакраш бўйича икки карра Олимпиада чемпиони россиялик Елена Исинбаева Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) спортчиларининг комиссия аъзоси этиб сайланди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Рио–2016 Олимпиадаси давомида ХОҚ спортчилари комиссиясининг тўрт нафар янги аъзоси сайланиши керак эди. Мана шу тўрт ўринга 24 атлет, шу жумладан, олимпия ўйинларининг 15 нафар совриндори даъвогарлик қилганди. Овоз бериш жараёнида фақатгина Риодаги Олимпиада қатнашчилари иштирок этиши мумкин эди. Исинбаева учун 1 300 дан ортиқ овоз берилди.
ХОҚ спортчилари комиссияси аъзоларининг ваколат муддати — 8 йил.
«Олимпия ҳаракати манфаати учун ишлайман ва Россия ҳамда ХОҚ ўртасида кўприк бўлишга ҳаракат қиламан», – деди Исинбаева.
34 ёшли Исинбаева Афина–2004 ва Пекин–2008 Олимпиадасининг чемпиони ҳисобланади. Лондон–2012 да россиялик спортчи бронза медалини қўлга киритган.
Изоҳ (0)