Рио–2016 Олимпиадасининг 4х100 метрга эстафета саралашида қайта югуриш имконини қўлга киритган енгил атлетика бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси имкониятидан фойдаланиб, мусобақанинг финал босқичига йўл олди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Аввалроқ саралаш баҳсларида америкалик спринтерлар эстафета таёқчасини тушириб қўйгани ва асосий гуруҳдан 20 сония ортда қолиб, сўнгги ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилинганди. IAAF’нинг апелляцион ҳакамлар гуруҳи вазиятни қайта кўриб чиқди ва таёқча тушиб қолган вақтда рақибалар билан кичик тўқнашув бўлганини хулоса қилди ҳамда АҚШ термасини айбсиз деб топди.
4×100 метрга югуриш эстафетасининг финал босқичига чиқиш учун америкалик енгил атлетикачи қизлар 42,70 сония билан саккизинчи бўлган хитойликлардан яхшироқ натижани қайд этиши керак эди. Уларнинг кўрсаткичи 41,77 сония бўлди ва бу саралашнинг энг яхши натижаси сифатида қайд этилди.
Ушбу йўналишда Ямайка (41,79 сония), Буюк Британия (41,93), Германия (42,18), Украина (42,49), Нигерия (42,55) Тринидад ва Тобаго (42,62) ва Канада (42,70) аёллар терма жамоаси ҳам финалга йўлланма олди.
Маълумот учун, АҚШ аёллар терма жамоаси 4×100 метрга югуриш эстафетасида амалдаги чемпион ҳисобланади.
Изоҳ (0)