Украиналик боксчи Владимир Кличко супероғир вазн тоифасида WBC ва WBO версиялари бўйича жаҳон чемпиони британиялик Тайсон Фьюрини реванш жанги шартларини ўзгартиришга урингани учун судга беради. Бу ҳақда Кличко Twitter’даги саҳифасида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Қадрли мухлислар. Фьюрига қарши реванш жангига оид сўнгги хабарларни сизларга маълум қиламан. Афсуски, у жанг учун аввалроқ имзоланган келишув шартларини ўзгартиришга уринмоқда ва бу тинимсиз давом этади. Ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга тўғри келмоқда», – деди Кличко.
Кличко ва Фьюри ўртасидаги реванш жанги шу йилнинг 9 июль куни Манчестер шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди, аммо британиялик боксчи жароҳат олгани учун бошқа муддатга қолдирилди.
2015 йилнинг ноябрь ойида Германияда ўтказилган 12 раундлик жангда очколар бўйича ҳакамларнинг якдил қарори билан Тайсон Фьюри Владимир Кличко устдан зафар қучган ҳамда WBA, WBO ва IBF титулларини қўлга киритганди. Кейинроқ британиялик ҳимоя жангини ўтказишдан бош тортганлиги учун IBF камаридан маҳрум қилинганди.28 ёшли Тайсон Фьюри профессионал рингда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган. Унинг ҳисобида 25 та ғалаба (шулардан 18 таси нокаут билан) мавжуд. 40 ёшли Кличко профессионал фаолияти давомида 68 та жанг ўтказиб, 64 тасида (шулардан 53 таси нокаут билан) зафар қучган ва 4 та жангда мағлубиятга учраган.
Изоҳ (0)