Англиянинг «Манчестер Юнайтед» футбол клуби янги аъзоси Поль Погба соч турмагини яна бир бор ўзгартириб, манкунианлар сафидаги дебютига тайёрланмоқда, деб хабар қилмоқда «Корреспондент.net».
Бир неча кун аввал 23 ёшли франциялик футболчи Туриннинг «Ювентус» жамоасидан рекорд сумма – 105 миллион евро эвазига «Манчестер Юнайтед» сафига келиб қўшилди. Погба янги жамоасида ҳали майдонга тушмаган бўлса-да, британиялик таниқли рэп ижрочисининг клипида суратга тушишга ҳамда ФИФА симуляторининг янги сериясида пайдо бўлишга улгурди.
Франциялик футболчи ўзининг антиқа соч турмаги билан жамоатчиликни ҳайратга солишни яхши кўради. Бу сафар ярим ҳимоячи соч рангини маллага ўзгартиришдан ташқари, оригинал шакллар чиздиришга ва уларни «МЮ»нинг анъанавий – қизил рангига бўяшга ҳам қарор қилди.Поль Погба «МЮ»даги дебют учрашувини 20 августга ўтар кечаси «Саутгемптон»га қарши ўтказиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)