Рио—2016 Олимпиадасининг оғир атлетика спорт турида яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи мусобақага кирди.
105 килограммдан юқори вазн тоифасидаги спортчилар ўртасидаги турнирда Рустам Жангабоев ҳамда Сардор Дўстмуродов ўз омадини синаб кўрди.
Мусобақанинг «B» гуруҳидан жой олган спортчилар Эквадор, Сурия, Украина, Беларусь, Хитой Тайпейи, Словакия, Германия, Венгрия, Исроил ва Жазоир мамлакатларидан ташриф буюрган атлетларга қарши беллашди.
Турнирнинг даст кўтариш мусобақасида 179 килограммни эплай олган Сардор Дўстмуродов етакчидек кўринганди. Бироқ саҳнага кейинроқ чиққан спортчиларнинг натижаси уникидан яхшироқ бўлди.
Ўзбекистонлик бошқа бир атлет Рустам Жангабоев эса даст кўтаришда энг яхши натижани қайд этди — 195 килограмм. Унинг бу муваффақиятини қолган спортчилар такрорлай олмади. Венгриялик атлетнинг максимал натижаси 193 килограммни, жазоирлик спортчиники эса 190 килограммни ташкил қилди.
Силтаб кўтаришда ҳам Рустам Жангабоев рақибларидан устунлик қилди. У 237 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, умумий ҳисобда 432 килограмм натижа кўрсатди. Венгриялик спортчи 420 килограмм билан иккинчи ўринни қўлга киритди.
Даст кўтаришда бешликка ҳам кира олмаган Сардор Дўстмуродов, силтаб кўтаришда пешқадамларга етиб олди ва 411 балл билан учинчи бўлди.
Изоҳ (0)