Афғонистонда «Толибон» гуруҳи асирлигидан озод этилган россиялик учувчи Сергей Севастьянов Россияга учиб кетди. Бу ҳақда Россиянинг Покистондаги элчихонаси вакили маълумотига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Дипмиссия пресс-атташеси Дамир Галиулиннинг маълум қилишича, 15 августга ўтар кечаси Россиянинг Исломободдаги элчихонаси Покистон ТИВ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда Севастьяновни авиарейс билан ватанига юборган.
13 август куни Покистон расмийлари Севастьяновни Россия элчихонаси ходимларига топширган эди.
Аввалроқ Покистон ТИВ толиблар Севастянов, шунингдек, асирга тушган беш нафар покистонликни озод қилиб, уларни Покистон томонига топширганлигини маълум қилган эди. Россияликнинг озод этилганлигини Россия ТИВ ҳам тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 4 август куни Афғонистоннинг Лувгар вилоятига Покистонга тегишли бўлган Ми-17 вертолёти авария ҳолатида қўнган. У таъмирлаш ишларини ўтказиш учун Россияга йўл олган эди. Экипаж аъзолари «Толибон» ҳаракати жангарилари томонидан асирга олинган бўлиб улар орасида Россия фуқароси, 1956 йилда туғилган штурман С.К.Севастьянов ҳам бор эди.
Изоҳ (0)