Россия Украина билан дипломатик алоқаларни бутунлай узиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Дмитрий Медведев баёнот берди, деб маълум қилади «РБК».
Евросиё иқтисодий кенгаши ҳукуматлари раҳбарларининг учрашувидан сўнг берган брифингида Медведев «маълум воқеалардан сўнг» (Жанубий Осетиядаги уруш, 2008 йил) Россия Грузия билан алоқаларни узганини эслатиб ўтди.
«Мен ҳаммаси бундай якунланишини истамайман, аммо вазиятга бошқача таъсир ўтказиш вариантлари қолмаса, президент бундай қарорни қабул қилиши мумкин. Якуний қарорни мамлакат президенти қабул қилади, давлатимизнинг ташқи сиёсатини у юритади», — таъкидлади ҳукумат раҳбари.
Дипломатик алоқаларнинг узилишига сабаб бўлиши мумкин деб баҳоланган диверсия уринишини Медведев «Россия давлатига ҳамда Қрим ярим ороли ҳудудида истиқомат қилаётган Россия халқига қарши жиноят» деб атади.
Эслатиб ўтамиз, 10 август куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати 6–8 август кунлари Украина разведкаси режалаштирган бир қатор терактлар ва диверсияларнинг олди олингани, кўплаб жангарилар қўлга олингани, ярим оролда Қрим фойдасига ишлаётган агентлик тармоғи фош этилганини маълум қилди. Украина томони тез орада бу айбловларни инкор этди.
Изоҳ (0)