Боливиялик кончилар норозилик намойиши давомида полициячиларни гаровга олди. Бу ҳақда 10 август, чоршанба куни кечқурун Жанубий Америка республикаси Ички ишлар вазирлиги маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Вазирлик ҳужум уюштирган ва фуқароларнинг ҳаракатланиши учун йўлни очишга ҳаракат қилган полициячиларни гаровга олган кончилар кооперативлари аъзолари томонидан амалга оширилган зўравонликларни қоралайди», — дейилади хабарда. Бошқарма жабрланганлар ва гаровга олинган тартиб қўриқчилари сонига аниқлик киритмаган.
Ўз навбатида, Кончилар кооперативлари федерацияси раҳбари Альбино Гарсиянинг маълум қилишича, намойишчилар 47 нафар полициячини гаровга олган. Унинг таъкидлашича, полиция қўлга олинган 86 нафар кончини қўйиб юборгандан кейин тартиб қўриқчилари озод этилади.
Тўқнашув Ла-Пас департаментидаги Мантекани шаҳарчасида юз берди. Боливиялик кончилар кооперативлар ҳақидаги янги қонунга қарши кўчаларга намойишга чиқди.
Изоҳ (0)