Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод 8 август куни АҚШ президенти Барак Обамага йўллаган мактуби боис журналистлар, сиёсатчилар ва фаоллар томонидан кескин танқид остига олинди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўз мактубида Аҳмадинажод Эронга музлатилган активларнинг 2 миллиард долларлик қисмини қайтармаслик ҳақидаги қарорни бекор этишни талаб қилди. Жорий йил баҳорида АҚШ федерал суди шу қарорни қабул қилиб, ушбу маблағни 1983 йилда Байрутда содир этилган терактда ҳалок бўлган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ёрдам тариқасида бўлиб беришни белгилаган эди.
Аҳмадинажоднинг мактубига жавобан бир қатор расмий шахслар ва журналистлар собиқ президентни кескин танқид остига олди. Чоп этилган материалларда илгари сурилган умумий мазмуни — Аҳмадинажод ким билан хоҳласа, ўша билан шахсий ёзишмалар олиб бориши мумкин, лекин расман (айниқса «Ислом Республикасининг энг ёвуз душманининг раҳбари билан») ёзишма олиб боришга ҳақли эмас.
Жумладан, нуфузли «Жумҳурии исломий» газетасининг ёзишича, 2017 йил май ойида ўтадиган президентлик сайловлари арафасида Аҳмадинажод ўзига бўлган қизиқишни орттирмоқчи, шу мақсадда Обамага йўлланган мактуб эса муваффақиятсиз PR-акциядан бошқа нарса эмас.
Парламентнинг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси аъзоси Ҳашмат Фалоҳатпеша эса Аҳмадинажод қабул қилишга уринаётган ташқи сиёсий қадамлар ҳеч қандай натижага олиб келмаслигини таъкидлаб ўтди.
Маҳмуд Аҳмадинажод 2005–2013 йилларда Эрон президенти бўлган. Эрон конституцияси бир киши кетма-кет икки мартадан ортиқ ушбу лавозимни эгаллашини тақиқлаши боис Аҳмадинажод учинчи мандат учун кураша олмас эди, аммо у 2017 йилнинг 19 май куни бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши мумкин.
Изоҳ (0)