Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан маданият ва спорт ишлари вазири Б. Аҳмедовнинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг ижроси ҳақидаги ахборотига оид парламент эшитуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳукумат портали хабар бермоқда.
Тадбир «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунда белгиланган ваколатлар доирасида ташкил этилди.
Парламент эшитувида депутатлар маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, паспортларини тайёрлаш, уларнинг чегараларини белгилаш, уларни муҳофаза қилиш, реставрация қилиш, ўрганиш ва тарғиб қилиш масалаларида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан маданий мерос объектларини аниқлаш ва ҳисобга олиш ишларини яхшилаш талаб этилиши, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларининг тўлиқ тоифалаштирилган рўйхатини тузиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Парламент эшитувида сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлик гуруҳи муҳокама этилаётган масала юзасидан ўзларининг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирди.
Парламент эшитуви якунлари бўйича мутасадди идораларга «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ижроси самарадорлигини янада ошириш учун зарур бўлган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ушбу қонун ижросини таъминлашда парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсияларни ўз ичига олган қарор қабул қилинди.
Изоҳ (0)