Енгил атлетика бўйича икки карра Олимпиада чемпиони кениялик Кипчоге Кейно спорт ривожига қўшган ҳиссаси учун Халқаро олимпия қўмитасининг «Олимпиада чамбари» номли махсус мукофотининг биринчи лауреатига айланди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Мукофотни тантанали топшириш маросими «Маракана» стадионида ўтказилган Рио–2016 Олимпиада ўйинлари очилиш маросимида бўлиб ўтди.
«Ушбу мукофотни қўлга киритганимдан фахрланаман. Спортни доимо бирлаштирувчи ва одамларни яраштирувчи куч деб ҳисоблаганман. Спортнинг яна бир асосий функцияси – таълим. Унга эътибор қаратиш керак, чунки фарзандларимиз – бизнинг келажагимиз», – деди Кейно.
Кейно 1968 йилги Олимпиада ўйинларининг чемпиони ва кумуш медали (1 500 метр ва 5 000 метрга югуриш) совриндори саналади. 1972 йилги Олимпиада ўйинларида ҳам у олтин ва кумуш (3 000 метрга тўсиқлар билан ва 1 500 метрга югуриш) медалларини қўлга киритган.
Айни дамда Кипчоге Кейно Кения олимпия қўмитаси раҳбари ҳамда Халқаро олимпия қўмитаси Олимпия ордени лауреати ҳисобланади.
Изоҳ (0)