Футбол бўйича Европа Лигаси мусобақасида 3-босқич ўйинлари ўз якунига етди ва навбатдаги босқичга йўлланма олган 29 та клуб номи маълум бўлди.
Эътиборга молик 2 та натижа қайд этилди. Россиянинг «Спартак» клуби Кипрда «АЭК» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, жавоб ўйини олдидан яхши имконият ҳосил қилганди. Москвада бўлиб ўтган жавоб ўйинида «Спартак» 0:1 ҳисобида енгилди. Голсиз дуранг рус клубини навбатдаги босқичга олиб чиқарди. Бироқ жамоа 89-дақиқада гол ўтказиб юборди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳаракат қиладиган «Краснодар» эса навбатдаги босқичга қийинчиликсиз йўл олди. Малтанинг «Биркира» клуби меҳмони бўлган краснодарлик футболчилар 3:0 ҳисобида муваффақият қозонганди. «Кубан» стадионида эса 3:1 ҳисоби қайд этилди. Одил Аҳмедов беллашувда иштирок этмади.
Англиянинг «Вест Ҳэм» клуби Словенияда «Домжале»дан 1:2 ҳисобида енгилганди. Лондонда эса 3:0 ҳисобида зафар қучди. Шейху Куяте учрашувда дубл қайд этди. «Вест Ҳэм»нинг янги ҳариди Софиан Фегули эса учинчи голни ўз номига ёзиб қўйди.
МДҲ таснифига кирувчи мамлакат жамоаларидан Украина ва Беларуснинг 2 тадан, Латвиянинг эса 1 та жамоаси Европа Лигаси билан хайрлашди. Озарбайжоннинг «Габала» клуби эса икки ўйин натижасига кўра Франциянинг «Лилл» жамоасини турнирдан чиқариб юборди ва навбатдаги босқичга йўл олди.
Изоҳ (0)