Тошкент шаҳрида 2016/2017 йил куз—қиш мавсуми олдидан газ тақсимлаш тармоқларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.
Тошкент кўчаларидаги йирик газ тармоқлари эски металл газ қувурлари ичига янги полиэтилен қувурлар жойлаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар ёрдамида таъмирланмоқда.
Жорий йилда 18,4 километр газ қувурини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Ер ости газ қувурларини таъмирлашда полиэтилен қувурлар тортишнинг замонавий «қувур ичида қувур» технологиясидан фойдаланилмоқда. Маблағ ва вақтни тежаш имконини берадиган ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, реконструкция қилинаётган эски металл қувур ичига полиэтилен қувур жойлаштирилади.
Ҳозирги кунда Тошкентдаги ўрта ва юқори босимли 1,5 минг газ назорати пунктида текшириш ва профилактика ишлари якунланди. Ўтган йилнинг куз—қиш мавсумида айрим маҳаллаларда газ қувурларида босимнинг пастлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келган эди. Уларни ҳал қилиш мақсадида қўшимча газ назорати пунктлари ўрнатиш ва янги қувурлар ўтказиш ишлари бажарилмоқда.
Шаҳардаги газ қувурларининг мустаҳкамлиги ва иш қобилиятини текшириш ишлари якунланди. Ер ости газ қувурлари хизматининг замонавий ускуналар билан жиҳозланган мобил лаборатория хизмати ёрдамида 870 километрлик газ тармоғи текширувдан ўтказилди. Аниқланган барча носозликлар тезкорлик билан бартараф этилиб, 60 километрга яқин ер ости газ қувури қайта тикланди.
Табиий газдан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир дастур ишлаб чиқилди. Ресурсларни тежаш мақсадида замонавий тежамкор электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилмоқда. Эски иситиш қозонлари янгиларига алмаштирилмоқда.
Куз—қиш мавсумига ўз вақтида ва пухта тайёргарлик кўриш газ таъминоти тизимининг барқарор ишлаши, истеъмолчиларга табиий газни узлуксиз етказиб бериш кафолатидир.
Изоҳ (0)