Англиянинг Брайтон курортида 4 август, пайшанба куни ҳаракатланувчи кузатув майдончаси бўлган дунёдаги энг узун British Airways i360 биноси ишга тушди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
CNN агентлигининг хабар беришича, мазкур бинонинг қурилишига 42,2 миллион фунт сарфланди. Учар ликопча шаклидаги кузатув майдончаси шаффоф ойнадан ишланган бўлиб, лифт сингари вертикал ҳолатда ҳаракатланади.
Бинонинг баландлиги 161 метр, эни эса атиги 4 метр. Иншоотнинг қалинлиги ва узунлиги нисбати 1 га 40 ни ташкил қилади ва бу дунё рекорди ҳисобланади.
Сайёҳларни бинонинг энг юқори қисмига кўтарадиган платформадан Ла-Манш манзараси ҳамда Шарқий ва Ғарбий Сассекс графлиги майдонидаги 42 километрлик соҳил кўриниб туради.
Мазкур кўнгилочар объектни Дэвид Маркс ва Жулия Барфилд бошчилигидаги Marks Barfield Architects архитекторлик фирмаси яратди. Маркс ва Барфилд Темза дарёси бўйидаги London Eye чархпалаги муаллифи ҳисобланади.
British Airways i360 кузатув мадонига кириш чиптаси катталар учун 15 фунтни, кексалар ва студентлар учун 12,5 фунтни ҳамда 4 ёшдан катта бўлган кичик ёшдагилар учун 7,5 фунтни ташкил этади.
4 август, пайшанба куни бинонинг очилиши муносабати билан мушакбозлик ўтказилиши керак эди. Аммо довул келиши хавфи туфайли мушаклар отилиши керак бўлган қайиқ денгизга чиқа олмади.
Изоҳ (0)