Тожикистонда ўтган йилнинг сентябрида ҳарбий исённи амалга оширишга уринишга алоқадорликда айбланиб, 170 киши ҳукм қилинди. Бу ҳақда 4 август, пайшанба куни республика бош прокурори Юсуф Раҳмон маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
2015 йилнинг сентябрь ойи бошида Тожикистон мудофаа вазири ўринбосари генерал Абдуҳалим Назарзода ҳарбий исённи амалга оширишга уринган эди. Натижада Назарзода ва унинг 60 дан ортиқ тарафдори йўқ қилинган эди.
«Республиканинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда 200 га яқин кишига нисбатан жиноий иш юзасидан суриштирув ўтказилди. Уларга нисбатан рад этиб бўлмайдиган далиллар тўпланган», — деди прокурор.
Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳарбий исёнга алоқадорликда айбдор деб топилган 170 кишига нисбатан ҳукм чиқарилган.
Изоҳ (0)