Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасида учинчи босқич ўйинлари тўлиқ ўз ниҳоясига етди.
3 август кунги натижаларига кўра, Россиянинг «Ростов» клуби навбатдаги босқичда иштирок этадиган бўлди. Украина вице-чемпиони «Шахтёр» ва Қозоғистон чемпиони «Астана» эса Чемпионлар Лигаси билан хайрлашди.
Бельгияда «Андерлехт» меҳмони бўлган «Ростов» 2:0 ҳисобида муваффақият қозонди. Кристиан Нобоа 28-дақиқада ростовликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 47-дақиқада эронлик Сардор Азмун ғалабани мустаҳкамловчи голга муаллифлик қилди.
Ўз майдонида Швейцариянинг «Янг Бойз» клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этган Украинанинг «Шахтёр» клуби, сафарда худди шу ҳисоб билан енгилди. Пенальтилар сериясида эса омад Швейцария жамоасига кулиб боқди — 4:2.
Қозоғистон чемпиони сифатида Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи сари ҳаракат қилаётган «Астана» Шотландияда «Селтик»дан 1:2 ҳисобида енгилди ва турнирни тарк этди.
Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этиш учун ҳал қилувчи раундга йўл олган жамоалар билан танишинг:
«Ростов» (Россия), «Янг Бойз» (Швейцария), «Монако» (Франция), «Аякс» (Голландия), «Стяуа» (Руминия), «АПОЭЛ» (Кипр), «Динамо Зг» (Хорватия), «Хапоэл» (Исроил), «Селтик» (Шотландия), «Легия» (Польша), «Виктория» (Чехия), «Копенгаген» (Дания), «Дандолк» (Ирландия), «Лудогорец» (Болгария), «Залцбург» (Австрия).
Гуруҳ ўйинлари учун ҳал қилувчи босқич 16—17 август кунлари бўлиб ўтади, жавоб беллашувлари 23—24 августга тайин қилинган.
Изоҳ (0)