Нижний Тагил фуқароси Владислав Смирнов Анапа шаҳридаги ёввойи пляжда уч кишидан иборат оилани қутқариб қолди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Владислав Смирнов бўлиб ўтган воқеа ҳақида «ВКонтакте»даги саҳифасида сўзлаб берди. Маълум бўлишича, ҳаво матрасида бўлган ва шамол туфайли очиқ денгизга кетиб қолаётган она ва бола сузишни билмаган. Бу вақтда оила боши – ота бир нима олиш учун машина томонга ҳаракатланиб кетаётганди. У ортга қайтганида унинг фарзанди ва турмуш ўртоғи қирғоқдан анча узоқлашиб кетганди. У оиласини қутқаришга шошилди, бироқ уларга ета олмади.
Владислав Смирнов ҳаво матрасига етиб олиш учун ўзини денгизга ташлади, бироқ чарчаб қолиб, ортга қайтмоқчи бўлди. Унинг сўзларига кўра, қандайдир куч уни қўрқувдан халос этиб, сузишда давом этишига ундади.
Бир неча ўн метрлардан сўнг у она ва болага етиб олди. Владислав матрасни қирғоққа итара бошлади, йўл-йўлакай қутқарув нимчасида бўлган отани ҳам матрасга чиқарди.
Нижний Тагил «Вилоят газетаси»нинг ёзишича, денгизга кетиб қолган оиланинг омади бор экан. Владислав Смирнов профессионал спортчи, сузиш бўйича мураббий ва ҳаёт хавфсизлиги фани бўйича ўқитувчи бўлиб чиқди.
Изоҳ (0)